Ўзбекистон ва Беларусь Президенти амалий ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилдилар

 

 

 

 

 

Ўзбекистон ва Беларусь Президенти амалий ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилдилар

24 июль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенко билан телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди.

Беларусь раҳбари Ўзбекистон етакчисини таваллуд куни билан самимий муборакбод этиб, дўст Ўзбекистоннинг кўп миллатли халқига тинчлик-осойишталик, фаровонлик ва равнақ тилади.

Президентлар кейинги йилларда кўп қиррали Ўзбекистон-Беларусь муносабатлари жадал ривожланиб, аниқ мазмун билан бойиб бораётганини мамнуният билан қайд этдилар.

Ўзаро савдо ҳажми ортмоқда, иқтисодиётнинг турли тармоқларида муваффақиятли кооперация лойиҳалари сони ошмоқда, таълим ва маданий-гуманитар соҳалардаги алмашинув кенгаймоқда.

Ҳукуматлар раҳбарлари даражасида мунтазам ва самарали мулоқот йўлга қўйилгани юқори баҳоланди. Машинасозлик, агросаноат мажмуи, кимё, фармацевтика ва электротехника тармоқларида, амалий ҳамкорликнинг бошқа йўналишларида истиқболли лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда.

Халқаро масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди. Жорий йил сентябрь ойида Самарқанд шаҳрида ўтказиладиган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитининг кун тартибидаги масалалар муҳокама қилинди.

 

kaynak:https://president.uz/uz/lists/view/5370